Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тайинланди
Навоий шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Навоий вилояти ҳокими лавозимига Нормат Турсунов номзодини тавсия этди.
Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал очиқ мулоқот қилиб, унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Нормат Турсунов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Президент бу таклифларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш чораларини белгилаб берди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режаларини муҳокама қилиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Навоий вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Нормат Турсунов Навоий вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Давлат раҳбари белгиланган режалар энди ҳаётга кўчиши, барча ташкилотлар ҳоким атрофида бирлашиб, халққа хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Н.Турсунов 1972 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Кўп йиллар давлат солиқ тизимида ишлаган. У 2021 йил ноябрь ойидан буён Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.
Шарҳлар