Нукусда Ёш олимлар академияси ташкил қилинади
Нукусда ёш олимлар, стартап-лойиҳаларнинг муаллифлари ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёш олимлар академияси ва Ёшлар технопарки ташкил қилинади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чораларитўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Инновацион ривожланиш вазирига Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳузурида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази очишни таъминлаш топширилди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисига қуйидагиларни таъминлаш топширилди:
– йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг электрон хариталаш ва маълумотлар базасини яратиш;
– чиқиндиларни қайта ишлаш, полигонларни рекультивация қилиш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқарилишини таъминлаш;
Ҳужжат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия таркибини тасдиқлаш топширилди. Комиссиянинг асосий вазифалари орасида қуйидагилар бор:
– мазкур қарор ҳамда махсус резолюцияда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирлар ижросининг амалга оширилишини ташкил қилиш, масъул ижрочиларнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;
– ташқи кўмак маблағларини ажратувчи донор мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, жамғармалар ва компаниялар маблағларини мазкур қарор ҳамда махсус резолюцияда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирларнинг ижросини амалга ошириш учун жалб қилишда кўмаклашиш.
Шарҳлар