Иккита хориж компанияси Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида электр станцияларини барпо этади

“Stone City Energy” компанияси (Нидерландия) компанияси $1,2 млрдга тенг бўлган Сурхондарё вилоятида қуввати 1 500-1 600 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини 25 йил давомида қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади. Бу президент қарорида кўзда тутилган, деб ёзади «Норма».

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида “SCE Quvvat” МЧЖ лойиҳа компанияси ташкил этилган. Қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида у $30 млн миқдорида банк кафолатини тақдим этади.

Шунингдек “Hidro Enerji Elektrik Uretim Sanayi A.Ş.” (Туркия Республикаси) компанияси Хоразм вилоятида 25 йил давомида қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади. Лойиҳани амалга ошириш мақсадида “Odaş Enerji СА” МЧЖ лойиҳа компанияси ташкил этилади. Қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида у $1,3 млн миқдорида банк кафолатини тақдим этади.

Шунингдек ҳужжатлар билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва лойиҳа компаниялари ўртасида инвестиция лойиҳалари доирасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим ҳам маъқулланган, уларга мувофиқ:

  • лойиҳа компаниялари ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тимсолида ягона харидорга сотиш мажбуриятини олган;
  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади;

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ электр энергиясини 3 ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида лойиҳа компаниялари фойдасига чет эл валютасида имтиёзли, қопланмайдиган шартсиз банк кафолати тақдим этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.