Трампнинг маслаҳатчилари доллардан воз кечган мамлакатларга қарши санкцияларни муҳокама қилмоқда

Foto: Reuters

Давлат раҳбарлигига яна ўз номзодини қўйган АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчилари мамлакатларнинг доллардан фойдаланишдан воз кечишига қарши чораларни кўриб чиқмоқда, деб ёзади “Коммерсантъ”. Хусусан, долларсиз “икки томонлама савдода қатнашишнинг фаол усулларини қидираётган” давлатларга қарши санкциялар киритиш муҳокама қилинмоқда.

Bloomberg маълумотларига кўра, кўриб чиқилаётган чоралар экспорт назорати, валюта манипуляцияси бўйича айбловлар ва тарифлар киритилишини ўз ичига олади. Таъкидланишича, Трамп сайловда ғолиб чиққан тақдирда, унинг жамоаси тилга олинган чораларни “дедолларизация” билан фаол шуғулланаётган БРИКСга аъзо мамлакатларга қарши киритишни режалаштирмоқда.

Март ойида берган интервьюсида Трамп “мамлакатлар доллардан воз кечаётганини кўриб нафратланиб кетиши”ни очиқчасига айтганди. “Мен мамлакатларнинг доллардан воз кечишига йўл қўймаган бўлардим, чунки бу стандартни йўқотсак, бу инқилобда мағлуб бўлиш билан тенг бўлади. Бу мамлакатимизга берилган зарба бўлади”, — деган эди собиқ президент.

БРИКСга Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси киради. 2023 йил августидаги саммитда БРИКС мамлакатлари етакчилари 2024 йил январидан ташкилотга Аргентина, Миср, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони ва БАА қўшилиши ҳақида келишиб олди. Аммо Аргентина ҳокимият тепасига президент Хавьер Милей келганидан сўнг БРИКСга қўшилишдан бош тортди. Март ойида Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков БРИКС рақамли валюталар ва блокчейн асосида мустақил тўлов тизимини яратишга интилаётганини айтганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.