Болалар қўлига игна санчиган ўқитувчи ишдан олинди
Ижтимоий тармоқларда «Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчилар қўлига игна ва “саморез” санчиб жазолаб келгани маълум бўлди» хабари тарқалди.
Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан ўрганилганида, 16 апрель куни Тошкент шаҳри Сергели тумани, 277-ўрта мактаб 1-“Э” синф ўқувчиларининг 15 нафар ота-оналари мазкур мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-“Э” синф раҳбари С.Р. (аёл) нинг устидан шикоят қилганлиги аниқланган.
«Мурожаатда ота-оналар синф раҳбари С.Р. ўқувчилар қўлининг кафт қисмини устига саморез ва игналар билан санчиб турли жароҳатлар етказганлиги, гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдиришган», – дейилади хабарда.
1-“Э” синф раҳбари С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Бу бўйича қўшимча маълумот берилади.
Шарҳлар