Оксфордда энди ўзбек тили ҳам ўқитилади

Фото: Спутник

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов дунёдаги энг қадимий ва нуфузли таълим ва илмий даргоҳлардан бири бўлган Оксфорд университети раҳбарияти ва олимлари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» нашри хабар беради.

Музокаралар чоғида Оксфорд университети билан Ўзбекистон университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида академик ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, таълим ва мутахассислар тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Дунёнинг турли бурчакларидан келган 700 дан ортиқ талабалар, жумладан, учта Нобель мукофоти совриндори таҳсил олаётган Wolfson College томонидан таклиф этилаётган ихтисослаштирилган дастурларга алоҳида эътибор қаратилди.

Wolfson College президенти Тимоти Марк Хичинс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим, фан ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у қатор илмий йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Оксфорд университети қошидаги «Birso`z» маркази директори Лейла Нажафзода билан учрашувда Оксфорд университетида ўзбек тилини ўқитиш лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Машғулотларнинг биринчи сессияси 2024 йил январь ойида 15 нафаргача тингловчи иштирокида бошланиши режалаштирилган. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан Марказнинг илмий базасини бойитиш мақсадида мунтазам равишда ўқув материаллари жўнатилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.