Қонунчилик палатаси иккита кодексга аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўпламини қабул қилди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўплами қабул қилинди. Бу ҳақда Президент администрацияси ижрочи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича сектори мудири Саида Мирзиёева Telegram-каналда маълум қилди.
«Қонун лойиҳасининг асоси Сенат ҳузурида ташкил этилган фаоллар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар лойиҳанинг энг сўнги нуқтасига қадар Қонунга киритилаётган бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришларни ёқлаб ҳимоя қилишди. Хусусан, оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди», – деб ёзади у.
Саида Мирзиёева буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб билишини айтади.
«Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси. Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик. Олдинда бажаришимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп, бироқ муваффақият доимо илҳомлантиради. Ушбу ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган, ҳужжатлар устида иш олиб борган ва бу ғояларни жамиятимизда тарғиб қилган барчага миннатдорчилик билдираман. Бу нафақат Ўзбекистон аёлларининг, балки барча тафаккурли, илғор инсонларнинг ғалабаси!», – дея хулоса қилади у.
Шарҳлар