Қонунчиликка гендерга оид аудит тўғрисидаги нормани киритишлари мумкин
14 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Навбатдаги ялпи мажлисда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриш кўзда тутилган.
Таъкидланганидек, Қонун гендерга оид аудит, гендерга оид аудитни ўтказишнинг асосий вазифалари ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларда гендерга оид аудитни ўтказиш каби муҳим нормалар киритилган.
Гендерга оид аудитни ўтказишнинг асосий вазифалари cифатида давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиш ҳолатини баҳолашдан иборатдир.
Гендерга оид аудит уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилиши назарда тутилмоқда.
«Мазкур Қонун давлат органлари ва ташкилотларида юқоридан пастга қадар аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилишини таъминлаб беришга хизмат қилади. Айниқса, ойлик иш ҳақларини белгилаш, лавозимларга тавсия қилишда аёллар ва эркакларга тенг қараш, ҳар бир давлат корхона-ташкилотда тайёрланадиган заҳира кадрлар базасига хотин-қизларнинг номзодларини киритиш, уларни хизмат вазифасида раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш каби масалаларни тизимли таҳлил этиш имкониятини беради», – дейилади хабарда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонунга гендерга оид аудит нормасининг киритилиши иш берувчиларнинг аёллар ҳамда эркакларга тенг имкониятлар ва шароитлар яратиш борасидаги масъулиятини оширади ва бундан нафақат хотин-қизлар, балки бутун жамият учун фойдали бўлади.
Шарҳлар