Қорақалпоғистонда темир йўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди
Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида 23 март куни янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди. Бу ҳақда Daryo нашри туман ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Амударё тумани ҳудудидан Хоразм вилояти ҳудудига темирйўл транспорти тармоғини йўлга қўйиш мақсадида, Амударё тумани ҳудудининг шимолий қисмидан ўтувчи А-380 Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнев автомобиль йўлининг 717—718-километр оралиғидан осма кўприк қурилиши бошланган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини боғловчи Амударё устига автомобиль ва темирйўл қўшма кўприги Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида президент фармони билан қурилаётган эди.
Янги кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, бош лойиҳачи этиб “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти, бош пудратчи этиб “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг таркибий бўлинмалари белгиланган.
Ушбу кўприкка 14-сонли кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган, улардан иккитаси 23 март куни қулаб тушган. Мазкур балкалар кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади.
Ҳозирда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган, дейилади хабарда.
Шарҳлар