ОТБ Ўзбекистонга кичик ва ўрта бизнес учун шароитларни яхшилашга 100 млн доллар тақдим этди

Фото с сайта UzReport

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес учун қулай муҳитни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бериш учун 100 миллион долларлик сиёсатга асосланган кредитни маъқуллади, деб ёзади ЎзА.

Мазкур кредит ОТБнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастурининг биринчи кичик дастурини молиялаштиради. ОТБнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури иккита кичик дастурни ўз ичига олади ва кичик ва ўрта бизнес учун янада самарали фаолият ҳамда тижорат муҳитини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.

Биринчи кичик дастур доирасида ислоҳотлар кредит ресурслари чекланган кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини кенгайтиришга ёрдам бериш учун мавжуд молиявий воситаларни диверсификация қилишни ва улар олиши керак бўлган рухсатномалар ва лицензиялар сонини қисқартиришни ўз ичига олади.

Ушбу ва бошқа ислоҳотлар, масалан, савдо операциялари харажатларини камайтириш ва рақамлаштиришни ошириш 13 минг 500 га яқин иш ўринларини яратишга ёрдам бериши кутилмоқда.

«Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришда давом этмоқда ва кичик ва ўрта корхоналар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда», — дея қайд этади ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

ОТБ, шунингдек, давлат идораларига дастур доирасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, кичик ва ўрта бизнес учун рақамли ечимларни жорий этиш орқали ёрдам бериш учун 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини тақдим этади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.