2030 йилга бориб Ўзбекистондаги барча мактабларда рус тилини ўқитиш такомиллаштирилади
Ўзбекистонда 2030 йилга бориб барча мактабларда рус тилини ўқитиш такомиллаштирилади. Бу ҳақда Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи материалларига таяниб, “ТAСС” хабар бермоқда.
“Маданият ва таълим соҳасидаги алоқалар кенгаймоқда. Республика мактабларига рус тили ўқитувчиларини юбориш ва ўзбек ўқитувчиларини ҳар томонлама қайта тайёрлашни назарда тутувчи “Синф!” лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2030 йилга келиб деярли барча мактаблар (10 мингга яқин) ва 30 минг ўқитувчини қамраб олиш режалаштирилган”, — дейилади ҳужжатларда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда рус тили миллатлараро мулоқот учун фаол қўлланилади (республикада 1 миллионга яқин россиялик ватандошлар яшайди, аҳолининг 70 фоизи рус тилида сўзлашади). Ўзбекистондаги 862 мактабда таълим рус тилида олиб борилади.
“Синф!” рус-ўзбек гуманитар лойиҳаси бўлиб, Ўзбекистон мактабларида рус тили ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш бўйича меморандум 2020 йил октабрь ойида имзоланган.
Шарҳлар