Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қизлари ҳавонинг ифлосланиш даражасини таҳлил қилиш учун стратосферага нано сунъий йўлдошларни учирди

Источник: представительство ЮНИСЕФ в Узбекистане

Бугун Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари бўлган 150 дан ортиқ қизлар учта ультразамонавий нано сунъий йўлдошни стратосферага учирдилар. Улар UniSat (Uni — UNICEF (БМТ Болалар Жамғармаси ЮНИCЕФдан қисқартма, Sat – satellite (sat — сунъий йўлдош)) таълим дастури иштирокчиларидир. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилади.

Нано сунъий йўлдошлар вазни 10 кг дан ошмайдиган кичик космик кемалар синфига мансуб бўлиб, бир нечта камералар билан жиҳозланган. Мазкур камераларнинг ҳар бири 4К тиниқликда Ернинг эллиптик тасвирини олиш имкониятига эга. UniSat нано сунъий йўлдошлари учирилиш вақтида Ер ва коинотнинг ҳайратланарли даражада юқори аниқликдаги суръатларини олиш имконини беради. Датчиклар радиация, босим, гравитация, ёруғлик ва газ таркиби ҳақидаги маълумотларни тўплайди ва катта ҳажмдаги маълумотлар, видео ва тасвирлар таҳлил қилиш учун Ерга юборилади.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб етакчи университетлари ва тижорат ташкилотларида нано сунъий йўлдошлар ишлаб чиқилмоқда. UniSat сунъий йўлдошлари таълим мақсадларида ишлаб чиқилган.

«Бугунги парвоз рамзий маънога эга. У Марказий Осиё қизлари ва аёлларининг чексиз салоҳиятини, уларнинг фан ва техника чегараларини кенгайтиришдаги имкониятларини намойиш этади. Бу йил дастуримизга уч мамлакатдан жаъми 2000 иштирокчини қамраб олишга муваффақ бўлганимиздан ва уларни фан, техника, муҳандислик ва математика йўналишларида ўз таълим ва касбий фаолиятларини давом эттиришга илҳомлантира олганимиздан бағоят мамнунмиз. Биз UniSat дастури натижалари жамиятда космик ўзгаришларга эришишига ишонамиз», – дейди Артур ван Дизен, ЮНИСЕФнинг Қозоғистондаги вакили.

Нано сунъий йўлдошлар қизлар томонидан Ал-Фаробий номли ҚозМУда 10 кунлик марафон доирасида яратилди. UniSat иштирокчилари космик кемаларни режалаштириш, лойиҳалаш, дастурлаш ва йиғишни ўзлаштирдилар. Улар космик технологиялар ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказига ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди. Қизларнинг олган назарий билимлари дарҳол амалиётга татбиқ этилди. Устозлари раҳбарлигида улар 3Д моделлаштириш ёрдамида нано сунъий йўлдошлар корпусларини лойиҳалаштирдилар ва уларни 3Д принтерда яратдилар. Шунингдек, улар UniSat нано сунъий йўлдошларининг қуйи тизимларини дастурлаб, учиришдан олдин уларни лабораторияда синовдан ўтказдилар.

«Қирғизистонда 15-19 ёшдаги қизларнинг фақат учдан биригина компьютер саводхонлигига эга, ва қизларнинг 80 фоиздан ортиғи ўз таълимини давом эттириш учун ижтимоий ва гуманитар фанларни танлайди. Бироқ бу танлов қизларнинг касбий қизиқишлари ва интилишларини қай даражада акс эттиради? Шу сабабли, 2020 йилда ЮНИСЕФ қизларнинг касбий дунёқарашини кенгайтириш, гендер стереотипларини енгиш ва касб танлашда уларга ёрдам бериш учун “Илм-фандаги қизлар” дастурини ишга туширди. Ўшандан бери ҳар йили 10 000 дан ортиқ қизлар ташаббусга қўшилади ва тобора кўпроқ қизлар илмий фаолият юритиш борасида ўзларига бўлган ишончни шакллантирмоқдалар. Бундан келиб чиққан ҳолда, нано сунъий йўлдошларни ишга тушириш бўйича тадбир нафақат икки йиллик меҳнат самараси, балки қизлар ва ёшларимиз салоҳияти учун катта илҳомдир», – деди ЮНИСЕФнинг Қирғизистондаги вакили ўринбосари Юлия Олейник.

Иштирокчилар UniSat онлайн курсида қатнашган 2000 нафар қизлар орасидан танлаб олинди. Курс билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин: Қизлар учун UniSat таълим дастури (UNEPG) | Ал-Фаробий номли КозМУ (kaznu.kz). ЮНИСЕФ – ҚозМУ қўшма онлайн курсига нано сунъий  йўлдошлар томонидан учирилиш вақтида олинган атроф-муҳит ҳақидаги парвоз маълумотларини қайта ишлаш, маълумотларни визуаллаштириш, миссия ҳисоботини тайёрлаш ва маълумотлардан илмий ва амалий мақсадларда фойдаланиш киритилган. Қизлар жамоада ишлаш кўникмаларини, Linux дастурлаш асосларини ўрганишга, аэрокосмик технологиялар соҳасидаги етакчи қозоғистонлик мутахассисларни тинглашга муваффақ бўлдилар. Курснинг фаол иштирокчилари амалий марафонда қатнашиш ва ўзларининг нано сунъий  йўлдошларини осмонга учириш имкониятига эга бўлдилар.

“Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам турли сабабларга кўра ўғил болалар ва қизлар ўртасида компьютер саводхонлиги, техник таълим ва касбий фаолият бўйича сезиларли фарқ сақланиб қолмоқда. UniSat таълим дастури ана шу тафовутни камайтиришга, қизлар тегишли фан ва технология кўникмаларини эгаллашларига қаратилган. UniSat кенг жамоатчилик эътиборини Ўзбекистон ёшлари ўртасида технология соҳаларида гендер масаласига қаратишга ёрдам беради. Ишончимиз комилки, ушбу лойиҳа иштирокчилари шахсий намуналари билан уларга тенгдош қизларни ўз кучларига ишонишга рағбатлантирадилар. Улар қизларнинг ҳар қандай соҳада муваффақиятга эриша олишини ўз фаолиятлари мисолида кўрсатмоқдалар”, деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

UniSat – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетининг таълим дастури. UniSat дастурининг мақсади қизларнинг нано сунъий  йўлдош қуриш бўйича билим ва малакаларини ривожлантириш, шунингдек, жамоада ишлаш, нотиқлик, вақтни бошқариш ва ижодкорлик каби кўникмаларини такомиллаштиришдан иборат. UniSat дастури БААда жойлашган “Dubai Cares” фуқаролик жамияти ташкилоти, Clé de Peau Beauté бренди ва филантроп Назанин Алакиа хоним кўмагида амалга оширилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.