Парламент комиссияси Human Rights Watch ташкилотининг Қорақалпоғистон ҳақидаги ҳисоботига ўз муносабатини билдирди

Судебный процесс по делу о нукусских событиях. Источник: Верховный суд

“Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти 2022 йилги ҳисоботида, ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган намойишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан намойишчиларни тарқатиш мақсадида ҳаддан ташқари куч ишлатгани оқибатида кўплаб фуқаролар оғир тан жароҳати олгани ва баъзилари вафот этгани айтилган. HRW, шунингдек, парламент комиссиясининг мустақиллигига шубҳа билан қараётганини айтади. Июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ва фактларни мустақил ўрганиш бўйича парламент комиссияси мазкур хабарга изоҳ беради.

Ҳисоботда айтилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг намойишларни бартараф этиш учун қўпол куч ишлатиши натижасида кўплаб намойишчилар оғир жароҳатланган ёки ҳалок бўлган. Қайд этилганидек, 500 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, улар орасида биринчи бўлиб норозилик намойишига чақирган фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳам бор. Материални тайёрлаш пайтига ҳибсда қолганлар сони номаълум эди, деб ёзади HRW.

Парламент комиссияси 12 декабрь куни бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасига сўров юборганини қайд этади ва яна 39 киши ҳибсда эканлиги ҳақида маълум қилади.

“Намойишларни бостириш ва қамоқда сақлаш вақтида қўлга олинганларга нисбатан қийноқ ҳолатларининг қўлланилгани масаласи Мустақил комиссия аъзолари томонидан ўрганилган. Шунга кўра, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ва маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўйиб юборилганлар билан ўтказилган учрашувлар таҳлилига кўра, руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатлари хусусида бирор бир маълумот аниқланмади”, — дейилади хабарда.

Комиссия, шунингдек, ишнинг асосий фигуранти Даулетмурат Тажимуратов учрашув пайтида “унинг ҳибсда сақланаётган жойида қийноқлар ва руҳий босимлар йўқлигини” маълум қилганини таъкидлади. Суд мажлисида у ҳибсга олиш вақтида тан жароҳати олганини айтган. Кейинчалик суд муҳокамасида у шундай деган: “Бизнинг қўлларимиз гўшт майдалагичдан ўтказилди. Биз бир неча бор ҳушдан кетдик”.

HRWнинг таъкидлашича, комиссия асосан мансабдор шахслар, депутатлар ва ҳокимиятга алоқадор бошқа шахслардан иборат бўлганлиги сабабли, “ҳақиқатдан ҳам мустақил терговга, айниқса милиция ва бошқа хавфсизлик идораларининг ҳаракатларига умид қилиб бўлмайди”.

Комиссия бу фикрни асоссиз деб атади. “Комиссия аъзоларидан қайси бири ушбу халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотида ишончсизликни келтириб чиқараётганига аниқлик киритмаган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг комиссия аъзоларини камситишга ва ҳурматсизликка олиб келадиган ушбу хулосаси умумэътироф этилган халқаро нормаларга зид эканлигига ишончимиз комил. Бундан ташқари, комиссиянинг якуний хулосаси ҳали эълон қилинмаган. Демак, хулоса чиқаришга ҳали эрта”, дейди у ўз баёнотида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.