Paynet’дан қочган“уддабурон” қўлга тушди
Ижтимоий тармоқларда “Пайнет” шаҳобчасида пластик картага пул тушириб, лекин нақд пулни бермасдан қочиб кетаётган шахснинг видеоси тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида қуйидагилар аниқланди.
«3 январь куни 1993 йилда туғилган Хусанов Камрон Хисрав ўғли Олмазор туманидаги “Пайнет” шаҳобчасига кириб, пластик картасига 682.000 сўм миқдоридаги пулни ўтказишни сўраган. Айтилган пул миқдори пластик картасига туширилгандан сўнг, К.Хусанов нақд пулни тўламасдан шаҳобчадан қочиб кетган», – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
«Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки унинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-49-44, 71-206-46-35 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», – дея мурожаат қолдирилган.
Шарҳлар