Пойтахт кўчаларидаги “йўл белгилари” ва “светофор”лар соз ҳолатдами

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Тошкентнинг йўлларида ҳаракатланиб кетаётиб, айирим светофор ва йўл белгиларини кўрмай қолиш эҳтимоли жуда кўп. Бунинг асл сабаби, улар дарахт буталари ва бошқа қўшимча жисмларнинг ортида. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, йўл белгиларининг носоз холга келиб қолиши, дарахт шохлари тўсиб қўйиши, табиат ходисаларида ўз йўналишининг ўзгариб қолиши, эгилган ва белгиланган тартибга носоз холатдалиги хам автотранспорт бошқарувчилари ва пиёдаларга ноқулайлик келтириб чиқаради.

Автомототранспорт воситалари, пиёдалар, велосипедчилар, самокатларда ва бошқа замонавий транспорт воситаларида йўлга чиққан ҳар бир киши – йўл ҳаракати иштирокчилари саналади. Бугунги кунда пойтахтимизнинг йўлларни тартибга солувчи йўл белгилари ва светофорларнинг созлик ҳолатларини, уларни дарахтлар тўсиб қўймаганми ёки қандайдур бир жисимлар ёрдамида мана шу йўл белгилари тўсилиб қолмаганми, бу албатта, йўл ҳаракати иштирокчиларига, автотранспорт воситаларига қандай ҳолларда ҳалақит бермоқда? Буларни ўрганиш мақсадида Anhor.uz журналистлари Бобур Каримов ва Айсулу Турдигалиева пойтахтнинг равон ва теккис йўллари, йўл белгилари ва светофорларнинг созлик ҳолатларини назоратдан ўтказди.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Йўлнинг четида турган, “2.4 йўл беринг” ва “1.20 пиёдалар ўтиш жойи” белгилари буталарнинг ортида қолиб кетсаю, буни пайқамаган ҳайдовчи бошқа машинага бориб урилса ёки йўлни кесиб ўтаётган пиёданинг ҳаётига хавф туғдирса. Айиб кимда?

Фото: Айсулу Турдигалиева / www.anhor.uz

Юқоридаги суратда Мирзо Улуғбек тумани “Бодомзор йўли” ва “Осиё кўча”лари чорахасидаги “1.20 -Пиёдалар ўтиш жойи” йўл белгиси ва светофор. Ушбу белги жойлашган худуд катта йўлнинг ёқасида жойлашган. Афсуски, уни кўриш учун синчиклаб қараш керак. Чоррахаларимизда электр энергияси билан ишловчи светофорлар, электр қуввати узилиши натижасида ишламай қолса, ушбу йўл белгисини кўрмаган ҳайдовчи албатта пиёдага йўл бермаслиги кундек равшан.

Йўл транспорт ҳодисаси, яни авариялар бўлган жойга инспектор келиб, «Эътиборлироқ бўлсангиз бўлмасмиди» дейди. Бундай вазиятда эса кимнинг ҳақ ва ноҳақлигини билиш учун кўп вақт кетиши мумкин. Нима учун тегишли идоралар бундай вазиятлар келиб чиқмасидан аввалроқ, белгиланган чора-тадбирларни кўришни зарур деб ҳисобламайди ёки бу учун ойлаб вақт кетадими.

Фото: Айсулу Турдигалиева / www.anhor.uz

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, “Ниёзбек йўли 3-тор ва 7-тор” кўчалари чоррахасидаги “2.4 йўл беринг” ва “1.20 пиёдалар ўтиш жойи” белгилари 200-350 метрни қўйинг, қонунчиликда белгиланган 50 ва 150 метрлик масофалардан хам умуман кўринмайди. Anhor.uz юборган сўровга кўра, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қуйидагича жавоб йўллаган.

Аслини олганда, “Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ГОСТ 23457-86 “Йўл ҳаракатини бошқариш воситалари улардан фойдаланиш қоидалари” давлат стандартининг 2.2.2-бандида аҳоли пунктларидан ташқарисида огоҳлантириш белгилари, ҳаракат тезлиги, кўриниш шароитларини ва жойлаштириш имкониятларига қараб 1.3.1 – 1.4.6, 1.31.1 – 1.31.3 белгиларидан ташқари, 150 дан 300 метргач масофада ва аҳоли пунктларида – хавфли участканинг бошидан 50 дан 100 метргача бўлган масофада ўрнатилиши кераклиги белгиланган.”

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Шунингдек, “Ниёзбек йўли” ва “Ниёзбек йўли 3-тор” кўчалари кесишмасидаги “2.1 асосий йўл” ва “1.20 пиёдалар ўтиш жойи” белгилари эса тушунарсиз кўринишга келиб қолганлиги етмагандек дарахтлар буталари ортида бу эса йўл белгиларининг ўз ҳусусиятини йўқотганлигини кўрсатади.

Бу бўйича Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқарамасига юборилган Anhor.uz нашрининг сўровига улар қуйидагича жавоб йўллади.

“Шаҳар ҳудудида ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатувчи, светофор қурилмалари, йўл белгиларини тўсиб қўйган дарахт шохлари, ҳудудларга хизмат кўрсатувчи туман Ободонлаштириш бошқармалари томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, режа асосида кесиш ишлари олиб борилади. Дарахт шохлари йил давомида бир метргача ўсишини инобатга олиб, ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатувчи, светофор қурилмаларини, йўл белгиларини тўсиб қўйган дарахт шохлари бир йилда икки маротаба туман Ободонлаштириш бошқармалари томонидан шакл бериш ишлари олиб борилади”.

Демак, жавоб хатидан шуни англашимиз мумкинки, бу бўйича аниқ чора тадбирлар белгиланган, лекин, ҳудудга масъул бўлган Мирзо Улуғбек тумани Ободонлаштириш бошқармаси бу масалага масъулиятсиз ёндошган. Наҳотки инсонларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий тасир кўрсатаётган мана шундай ҳудудлар ўз вақтида кўздан кечирилмаяпти. Ачинарли тарафи, бу ҳудудда мамлакатимиздаги энг катта олий таълим муассасаларидан бири “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти” Миллий тадқиқот университети жойлашган, бир кунда минглаб одамлар ҳаракатланади. Бу эса йўл белгиларининг созлик холати жуда муҳим эканлигини кўрсатади. Шундай бўлсада қуйидаги суратдаги “3.24 юқори тезлик чекланган”лигини билдирувчи ушбу белги дарахт шохлари ортида қолиб кетган.

Фото: Айсулу Турдигалиева / www.anhor.uz

Ҳудуддан узоқлашмаймиз, Ниёзбек йўли кўчасини Қори Ниёзий кўчаси билан боғловчи катта чоррахага Ниёзбек йўли кўчасидан чиқишдаги 2 та асосий белги “3.27 тўхташ тақиқланади” ва “1.20 пиёдалар ўтиш жойи” ҳамда чорахани тартибга солувчи светофорни дарахт шохлари эмас дарахтларнинг ўзи тўсиб турибди. Бу бўйича Anhor.uz юборган сўровга кўра, Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жавоби қуйидагича бўлди.

“Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобил йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 342-сонли қарорнинг 1 иловаси 40 бандида “Автомобил йўллари ёқаси ва уларга ажратилган минтақалар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда мавсумий (баҳорги ва кузги), назорат тартибидаги ва маҳсус кўриклар орқали доимий назоратга олиниши керак” ва 41 бандида “Кўрик давомида аниқланган камчиликлар ва тартибсизликлар (ноқонуний қурилишлар) юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар ва маҳаллий ҳокимликларга тақдимномалар киритилиши зарур” деб белгиланган.

Шунингдек, “Автомобил йўллари ва кўчалардаги ҳаракатни тартибга солувчи йўл белгилари ва светофорларнинг яхши кўринмаганлиги оқибатида йўл транспорт ҳодисалари содир бўлганида ушбу йўл транспорти ҳодисаси бўйича суриштирув ишларини олиб бораётган Ички ишлар органларига ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи юқори ташкилотларга мурожаат қилиши мумкин”лиги билдирилди.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Ушбу йўл белгилари эса “Лашкарбеги” кўчасини “Ниёзбек йўли” кўчаси билан боғловчи чорраҳада, дарахт шохлари орасида қолиб кетган. Ушбу чорраҳадаги “1.20 пиёдалар ўтиш жойи”ни англатиб турувчи яна бир йўл белгиси тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқлашнинг иложиси бўлмади. Агар тўғри ўрнатилган бўлса нега чоррахада пиёдалар ўтишини англатувчи йўловчилар ўтиш чизиқларининг йўқлиги одамни чалғитиши табиий.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мутасаддилар, яқин кунларда ушбу масалаларга ҳам ижобий ечим топиб эътибор қаратадилар деган умидамиз.

www.anhor.uz нашри ушбу холатлар бўйича мутасаддилар олиб борган ишлар бўйича ҳам ўрганиш олиб боришини ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича навбатдаги материални яқин орада тайёрлашини билдиради.

Бобур Каримов, Айсулу Турдигалиева

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.