Президент: «Биз аёллар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича Миллий дастурни қабул қиламиз»

Источник: president.uz

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлат раҳбарининг мамлакат аёлларига мурожаатини чоп этди. Мурожаатга кўра, 2022-2026 йилларга мўлжалланган аёллар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур қабул қилинади. Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумлари ташкил этилади. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади.

«Зукко ва билимдон хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ошириш мақсадида биз бир қанча муҳим чора-тадбирлар белгиладик. Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади; докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади», – дейилади хабарда.

Бу ишларни тизимли равишда ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар жамияти” тузилади. Ушбу жамият мамлакатимизда ва хорижда илм-фан соҳасида юксак ютуқларга эришаётган олима аёлларимизни жипслаштириб, уларнинг ақл-заковат нурини ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб бориши учун ўзига хос парвоз майдонига айланади.

«Заҳматкаш олималарнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, улар учун ҳар жиҳатдан қулай шароит яратиш мақсадида “Олима аёллар жамияти”га ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади», – қайд этади президент.

Умуман олганда, юқорида айтилган барча мақсадларга жорий ва келгуси йил учун 1,8 триллион сўм йўналтирилади.

Мамлакатда тадбиркорлик соҳасида ишлаётган хотин-қизлар сонини янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.

Бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.