Президент Дилбулоқ маҳалласида бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласига ташриф буюрди, ишлар билан танишди ва маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди

Маҳаллада 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда.

Хабарга кўра, “ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини-ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага кредит ва ўнга яқин фуқарога субсидия ажратилган. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилган”.

Шунингдек, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлиб, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.

“Аввало, сизларни улуғ айём кунлари билан, келаётган Наврўз билан табриклайман. Маҳаллангиздаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлдим. Нима учун ҳудудларда кўп юраман? Чунки мен одамларга ишонаман. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак. Мамлакатимизда 9 минг 450 та, Тошкентда 585 та маҳалла бор. Ҳозир уларга иқтисодий комплекс ташкилотларини бириктирадиган тизим қилаяпмиз. Мақсадимиз – ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш. Халқнинг розилиги, дуоларига муносиб бўлиш ҳаммамизга насиб этсин”,деди Президент.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.