Президентлар ОАВга баёнот беришди

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон олий даражадаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.

Ўзбекистон Президенти Тожикистон Президенти ва халқига ҳар доимгидек илиқ ва самимий қабул учун дилдан миннатдорлик билдирди.

“Яна бир бор таъкидлайман, Тожикистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир. Биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши этиб белгиланган ва кейинги йилларда бир неча ўн карра кўпайган товар айирбошлаш барқарор ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Икки мамлакат ҳукуматлари  олдига товар айирбошлашни, шу жумладан учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрини фаол тўлдириш орқали 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, “Ойбек-Фотехобод” чегараолди эркин савдо зонаси ва “Андархон” савдо-логистика марказини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланган.

“Учрашувлар чоғида саноат кооперациясида, энг аввало, икки мамлакат бир-бирини тўлдириб турган анъанавий тармоқларда янги ўсиш нуқталари белгиланиб олинди. Машинасозлик, энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар шулар жумласидан. Бундай муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясининг салоҳиятидан самарали фойдаланилиш режа қилинди”, – дейилади хабарда.

Томонлар ушбу тарихий ташриф, унинг самарали натижалари ва имзоланган муҳим ҳужжатлар икки мамлакатнинг жадал тараққиётига хизмат қилиши, биродар Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг умумий фаровонлигини таъминлашига ишонч билдирдилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.