Путин шартнома тузган хорижликларни Россия фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади
Россия президенти шартнома тузган хорижликларни фуқароликка соддалаштирилган тартибда қабул қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Фармонга кўра, уруш даврида Россия Федерацияси қуролли кучлари билан бир йиллик шартнома тузган чет эл фуқаролари яшаш учун рухсатнома олмасдан, соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда «Дождь» хабар беради.
Давлат Думаси қонун лойиҳасини 2022 йил сентябрь ойида иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланган эди. Илгари Россия фуқаролигини соддалаштирилган ҳолда олиш учун шартнома бўйича камида уч йил хизмат қилиш керак эди.
Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг таҳлилига кўра, Россия ҳукумати Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирларини Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашишга жалб қилиш мақсадида уларни ёллашга ҳаракат қилмоқда. Ёлловчилар муҳожирларга Россия армиясида хизмат қилишни таклиф қилиб, масжидлар ва миграция марказларига боришмоқда.
Россия ҳукумати 2390 доллар тўлов ва ойига 4160 долларгача маош, шунингдек, Россия фуқаролигини тезлаштирилган тарзда беришни ваъда қилмоқда, дея хабар беради «Озодлик» радиоси.
Юқори маош ва бир марталик тўлов айрим муҳожирларни қизиқтириши мумкин. Янги ёлланганлар рус қўшинларининг йўқотиш даражаси жуда юқори бўлган фронтга юборилиши мумкин.
Меҳнат муҳожирларини ёллаш Россия Мудофаа вазирлигининг Украинадаги урушда қатнашиш учун 400 минг «кўнгилли»ни жалб қилиш бўйича ҳаракатларининг бир қисмидир. Россияда 2022 йил сентябрида қабул қилинган тузатишларга кўра, Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликлар Россия фуқаролигини тезлаштирилган тарзда олишлари мумкин.
Москва давлат университети Иқтисодиёт факультетининг аҳоли иқтисодиёти ва демографияси лабораторияси мудири Ольга Чудиновских «Дождь» телеканали эфирида муҳожирнинг ҳаёти Россия фуқаросининг ҳаётига кўра қадрлироқ бўлишига шубҳаси борлигини айтади. Айни пайтда россиялик ёлланма ҳарбийлар 3000 АҚШ долларидан сал кўпроқ олади.
“Мен яшаш учун рухсатномага эга бўлган ва фуқароликни олиши мумкин бўлган, аммо бу жараённи кейинга қолдираётган муҳожирларнинг ҳикояларини эшитдим. Энди муҳожирлар учун яшаш учун рухсатнома бу сафарбарлик ва жанговар ҳаракатларда қатнашишдан ҳимоядир”, – дейди Ольга.
Қайд этамиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хориждаги ватандошларни қуролли кучлар сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка бир неча бор чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган эди.
Шарҳлар