Илон Маск дунё бойлари рейтингида Цукербергдан ортда қолди

Фото: Vox

“SpaceX” ва “Tesla” бош директори Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 4 миллиард долларга камайиб, 170 миллиард долларга тушди. “Meta” компанияси асосчиси Марк Цукерберг эса дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринни эгаллаб, Маскдан ўзиб кетди. Бу ҳақда “Bloomberg” Миллиардерлар индекси (BBI) маълумот берган.

Охирги 24 соат ичида Марк Цукербергнинг бойлиги 2,6 миллиард долларга ошиб, 178 миллиард долларни ташкил этган. 18 апрелдаги савдолар якунларига кўра, “Meta” акцияларининг аукциондаги қиймати янги сунъий интеллект модели “Llama 3” ва  “Meta” чатботининг янгиланган версияси тақдимоти фонида 1,5 фоизга ошган.

“Шу билан бирга, Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 4 миллиард долларга камайиб, 170 миллиард долларга тушиб, BBI рейтингида тўртинчи ўринни эгаллади. Бир кун аввал “Tesla” акциялари савдоларда 3,6 фоизга арзонлашди”, – дейилади хабарда.

Рўйхатда биринчи ўринни Франциянинг “LVMH” компанияси эгаси Бернар Арно эгаллаб турибди, унинг бойлиги 218 миллиард долларни ташкил этади, иккинчи ўринда “Amazon” асосчиси Жефф Безос, унинг бойлиги 201 миллиард долларга баҳоланган.

Илон Маск 2022-2023 йилларда узоқ вақт давомида жаҳон бойлари рўйхатини бошқариб келганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.