Россияда жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонлик фуқаро Украинада ҳалок бўлди
Россияда 5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Ўзбекистон фуқароси (43 ёш) Украинада ҳалок бўлди. Унинг жасади 30 январь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги яқинларига топширилди, деб ёзади “Газета” нашри Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Марҳумнинг онаси ўғлининг исми Фахриддин эканини маълум қилди. Ота-она ажрашгани сабабли у ёшликданоқ ишга чиққан. Унинг қўлидан кўп иш келган, пайвандчи бўлиб ишлаган. Онасининг сўзларига кўра, даромади ҳам яхши бўлган.
Анча йиллар олдин дўстларининг таклифига кўра у Москвага ишлаш учун кетган. Вақти-вақти билан уйга келиб турган. 2008 йилда уйланган, бир нафар қиз фарзанд кўрган. Қизи бир ёшга тўлганда Фахриддин фарзандини бувиси қарамоғига ташлаб, хотини билан Россияга ишлашга кетган.
Кейинроқ Фахриддиннинг буйраги оғриб, улар Ўзбекистонга қайтган. 2019 йилда у яна Москвага кетган. Онасининг сўзларига кўра, вақти-вақти билан уй таъмири учун пул жўнатиб турган.
Ўша йилнинг декабрь ойида бошқа чет эллик ишчилар билан можаро туфайли у 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қариндошларига тез-тез қўнғироқ қилиб турган, лекин 2022 йил охирида улар билан алоқа узилиб, икки-уч ой давомида дараги бўлмаган. Январь ойида уларга Фахриддин вафот этгани ҳақида хабар беришган.
Унинг синглиси ҳам турмуш ўртоғи билан Россияда ишлайди, у акаси Украинага кетиши ҳақида хабар берганини айтди. Акаси бир-икки ой давомида шартнома асосида ишлашга кетишини айтган ва бу ҳақда онасига айтмасликни сўраган. Март ойида Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган. Украинага ўз ихтиёри билан юборилганми ёки мажбурлов остидами — яқинлари бу ҳақда билмайди.
Фахриддиннинг танишларининг айтишича, у ишлаётган жойга снаряд келиб тушган. Укасининг айтишича, оғир жароҳат олиб, таниб бўлмас ҳолга келиб қолган. У акасини фақат бошининг орқа қисмидаги чандиқдан таниб олганини билдирди.
Биз аввалроқ Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар урушга жалб қилинишдан қандай ҳимояланиши ҳақида ёзган эдик. Халқаро алоқалар бўйича мутахассис Юрий Саруханян Ўзбекистон фуқароларининг Украинадаги урушга жалб этилишининг олдини олишнинг энг самарали воситаларидан бири бу урушга нисбатан Ўзбекистон ўзининг аниқ позициясини намойиш этиши эканлигини таъкидлайди.
Шарҳлар