Россиялик миллиардер Олег Дерипаска Қозоғистон орқали 36 миллион долларлик самолёт сотиб олди
Ғарб санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Олег Дерипаска Қозоғистонда 35,8 миллион долларлик бизнес-жет сотиб олди, деб ёзади “Вёрстка” нашри.
Самолёт Irtysh-Air авиакомпаниясидан сотиб олинган ва миллиардер Дерипаска билан боғлиқ бўлган Арсенал компаниясида рўйхатдан ўтган. Нашрнинг ёзишича, гап 2016 йилда ишлаб чиқарилган, 14 нафар йўловчини сиғдира оладиган Falcon 7X сотиб олиш ҳақида кетмоқда. «Верстка»да мавжуд бўлган Россия божхона статистикасига кўра, самолёт Россияга 2023 йил феврал ойида олиб келинган.
Berkut001 Телеграм каналининг ёзишича, Irtysh-Air Қозоғистондаги операторлар рўйхатига киритилмаган.
“Самолётни рўйхатдан ўтказиш учун фуқаролик ҳаво кемасининг парвозга яроқлилик сертификати талаб қилинади. Самолёт чет эл давлатига, хорижий жисмоний ёки юридик шахсга сотилган ёки берилган ҳолларда ҳаво кемаси Қозоғистон ҳаво кемалари реестридан чиқарилади”, — дейилган хабарда.
Қозоғистон транспорт вазирлиги, ўз навбатида, россиялик олигархга бизнес-жет сотиб олиш схемасида Irtysh-Airнинг иштирокини рад этган. Департамент матбуот хизмати ушбу самолёт «ҳеч қачон фуқаролик самолётлари реэстрига киритилмаган» ва ушбу авиакомпания томонидан бошқарилмаганини маълум қилган. Шу билан бирга, вазирлик авиакомпания самолётни сотиб олиши ва уни ҳаво кемалари реэстрига киритмасдан дарҳол қайта сотиши мумкинми, деган саволга жавоб бермаган.
КазТАГ агентлигининг ёзишича, “Irtysh-Air” Қозоғистоннинг Павлодарда жойлашган авиакомпанияси ҳисобланади. Ҳозирда компаниянинг сайти ишламаяпти ва мунтазам рейслар ҳақида маълумот йўқ. Нашр маълумотларига кўра, компанияда зарур ходимлар, парвоз ҳужжатлари ва муҳандислик ёрдами йўқлиги сабабли 2013 йилда авиаташувчи парвозни тўхтатган.
“Верстка”нинг ёзишича, самолёт Россия армияси Украинага бостириб кирганидан кейин Олег Дерипаскага қарши жорий қилинган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун сотиб олинган, чунки Европа Иттифоқи Россия фуқаролари ва компанияларига самолётлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа тегишли жиҳозларни сотишни тақиқлаган.
Шарҳлар