Самарқандда мактаб ёшидаги қизни унга қарайдиган аёл калтаклаб келгани маълум бўлди

Фото: Kun.uz

Самарқанд вилоятида ота-онаси хорижда бўлган 13 ёшли қизни унга қаровчи аёл калтаклаб келгани маълум бўлди.

Қиз Пайариқ туманидаги 78-мактабда 7-синфда ўқийди. Ота-она болани хорижга кетаётиб, 150 доллар эвазига бошқа оила қарамоғига топширган.

Қайд этилишича, қиз берилган оила 78-сонли мактаб директорига қариндош бўлган. Унинг ўқитувчиси қизнинг танасида калтакланган излар борлигини  билиб қолган. Унинг сўзларига кўра, қиз ҳар куни хўрланади.

“Мен суратга олдим, лекин мактаб директори ҳеч қаёққа бормасликни ва расмларни ўчириб ташлашимни кераклигини айтиб менга босим ўтказмоқда”, — дейди ўқитувчи.

Ўқитувчи томонидан кўрсатилган фотосуратларда қизнинг қўллари кўриниб турибди. Унинг оиласи чет элга нима сабабдан кетгани ва бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум. Ҳозирча масъул идоралар вазиятга изоҳ бермади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.