Сенаторлар Уй-жой кодексини маъқулламади
Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси маъқулланмади. Муҳокамалар давомида сенаторлар Кодексда айрим нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаганини таъкидлаган.
«Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган. Бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради», – дея қайд этилади парламент юқори палатасининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Шунингдек, Кодексда белгиланган жисмоний ва юридик шахслар томонидан турар жойларни хусусийлаштириш йўллари яъни, якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш ҳамда облигацияларини олиш йўлларини тартибга солувчи амалда бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Бундан ташқари, мулкдорлар билан шартнома асосида турар жой бузилиши ва унинг ўрнида янги турар жой қурилиши мумкинлиги, шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва турар жойни қуриш учун зарур рухсатнома олинганидан кейин кучга кириши Кодексда акс эттирилган бўлса-да, шартноманинг қайси тури ҳақида сўз юритилаётганлиги мавҳум қолган. Ваҳоланки мазкур масалалар шартномавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Фуқаролик кодексида ҳам ўз аксини топмаган.
«Шу билан бирга, қонунчиликнинг техник нормаларига лозим даражада риоя қилинмаган. Баъзи нормалар бир-бирига зид. Қатор моддалар билан давлат органларига дискрецион (чекланмаган) ваколатлар берилган ҳамда Кодексда қўлланилган бир қатор ҳаволаки нормалар етарли асосларга эга эмас. Ўз навбатида, ушбу ҳолатлар турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», – дея хулоса қилади сенаторлар.
Шарҳлар