Шавкат Мирзиёев 180 дан ортиқ махбусни афв этди

Ўзбекистон президенти Конституция куни арафасида 182 нафар маҳкумни муддатидан олдин озод қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Давлат раҳбари озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтганлар афв этилганини эслатиб ўтди, деб ёзади “Спутник” нашри.

Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган. Шунингдек, 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёл ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этган.

Президентнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида келтирилишича, бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган, 859 нафар шахс оқланган. Буларнинг бари суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларнинг энг муҳим натижасидир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.