Шавкат Мирзиёев 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишни таклиф этди
Ўзбекистон президенти 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Бу ҳақда у Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатида билдирди, дея хабар беради унинг матбуот котиби.
Қорақалпоғистондаги воқеалар
Президент июль бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
«Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди», – деди у.
“Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Конституцияга тузатишлар
Парламентга мурожаатномада, мазмуни “инсон қадрини улуғлаш” руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.
“Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституция ва қонунларга ҳам, кундалик ҳаётга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги қайд этилди.
«Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир», – деди давлат раҳбари.
“Биз “ижтимоий давлат” тамойили асосида Янги Ўзбекистонни қуришга интиламиз. Буни Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйишимиз керак.
Ижтимоий давлат – бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, камбағалликни камайтириш учун тенг имкониятлардир”, — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларнинг мақоми, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Конституцияда алоҳида белгиланиши кераклигини ҳам таъкидлади.
Шарҳлар