Президент: “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.

Келаси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги таъкидланди.

Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади.

Президентимиз кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади.

Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож.

Шу боис, келаси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда хусусий шерикчилик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз (бундай шароит фақат Тошкент шаҳрида бор).

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.