Шавкат Мирзиёев Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида “Матонат мактаби”ни ташкил қилишни таклиф этди
Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашди. Давлат раҳбари Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси ҳузурида “Матонат мактаби”ни ташкил қилишни таклиф этди.
«Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади», – деди президент.
Учрашувда паралимпиячиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, дори-дармон билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Бу йўналишни қишки спорт турлари бўйича ҳам ривожлантириш, “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХVI ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Шарҳлар