Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотида институционал ислоҳотларни ўтказишни таклиф қилди

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон раҳбари Ташкилот фаолиятининг чуқур таҳлили асосида туркий мамлакатларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларини ишга солишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини янада ошириш ва ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишлатиш мақсадида бу тузилмада институционал ислоҳотлар ўтказишни таклиф этди.

Устувор йўналишлар бўлган сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузиш таклифи билдирилди.

«Уларнинг фаолиятига эксперт ва олимларни, жамоатчилик ва хусусий сектор вакилларини фаол жалб этилиши катта самара бериши шубҳасиз», – дея таъкидлади у.

Бундан ташқари, Котибиятнинг ўрни ва таъсирини ошириш учун келгуси саммитда унинг янги тузилмасини тасдиқлаш, давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва ҳужжатларнинг қатъий назорат тизимини кучайтиришга ташкилотнинг Оқсоқоллар кенгашини жалб этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Шавкат Мирзиёев вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун Ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

«Ушбу мақсадга эришиш учун давлат раҳбари ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумини ўтказишни таклиф этди. Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва давра суҳбатлари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.  Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари” қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлади», – дейилади хабарда.

Транспорт вазирлари асосий эътиборни минтақамиздаги транзит коридорларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратган ҳолда йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқиши таклиф этилди.

«Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор», – деди давлат раҳбари.

Шу мақсадда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан кенг қамровли шерикликни ўрнатиш, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “ақлли” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ўтказиш лозим.

Келгуси йили юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш таклиф этилди. Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли йигит-қизлар, Ташкилот оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.

«Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлар эди».

Йиғилиш натижалари бўйича Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.