«Соғлом турмуш тарзи» платформасининг фаолияти тўхтади
Ўзбекистонда ўтган йилнинг июнь ойида бошланган фуқароларни пиёда юришга молиявий рағбатлантириш лойиҳаси тўхтатилди. Мамлакат президентининг тегишли қарори “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони билан расмийлаштирилди, деб ёзади “Спутник” нашри.
Ҳужжат билан 2020 йилда қабул қилинган ва аҳоли ўртасида ҳар куни пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” платформасини яратишни назарда тутувчи фармоннинг тегишли банди ўз кучини йўқотган деб топилди.
1hls.uz соғлом турмуш тарзи платформаси 2021 йил июнь ойида ишга туширилган. Унга кўра фуқаролар кунига 10 минг қадам юргани учун 3000 сўм олишлари мумкин эди.
Ўтган йил якуни бўйича ўзбекистонликларга деярли 43,46 миллиард сўм тўланган. Платформа алкогол ва тамаки сотувчиларидан пул йиғиш ҳисобидан молиялаштирилди.
“Одамларга пиёда юргани учун пул тўлаш ташаббуси шахсан Шавкат Мирзиёевга тегишли эди. Президент қатор учрашувларда бундай тизим бошқа давлатларда йўқлиги, бу ўзини оқлаётгани, бу тизим туфайли аҳолининг пиёда юришга кўникаётгани, бу билан соғлиқ билан боғлиқ кўплаб муаммоларни бартараф этиш мумкинлигини таъкидлаганди. Кимнингдир ишлашни истамагани ёки аҳолига тўловлар учун йилига маълум маблағ топилмагани учун президент ташаббуси билан яратилган тизим бирорта изоҳ ва тушунтиришсиз ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши мумкинми?” – дея савол беради блогер-ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Шарҳлар