Сурхондарё вилоятида ўқитувчи ўқувчини дўппослади

Источник: соцсети

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси калтакланганлиги билан боғлиқ видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура Матбуот хизмати маълумот берган. Аниқланишича, 22 апрель куни Бандихон тумани 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келганлиги учун уни урган, деб ёзади UzNews нашри.

Ҳолат юзасидан Бандихон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Текшириш доирасида ўқитувчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Текширув ҳаракатлари Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

«Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди. Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш — бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади», — дейилади «Газета» нашрининг хабарида.

«Агар дўстона муносабат орқали натижага эришишнинг имкони бўлмаса буни ҳал этиш учун боланинг ота-онаси ёҳуд участка нозири жалб этиш тўғри саналади», — дея қайд этади ХТВ.

Вазирлик мактабда бундай ҳолатларнинг барча кўринишларини бартараф этиб, ўқитувчиларни босиқликка ва ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишга чақиради.

Охирги маълумотларга кўра, Сурхондарёдаги 4-мактабда ўқувчи калтакланиши ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилган. Ижтимоий тармоқларда видео тарқалгач, мактаб директори ҳам лавозимидан озод қилинган.

Шунингдек Бандихон туман ИИБ калтак еган ўқувчи ва унинг айрим синфдошлари безорилиги юзасидан ҳам суриштирув ўтказмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.