Сурхондарёда ноқонуний равишда 405 туп каврак ўсимлигининг илдизи кесилган
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси «Ишонч телефони»га Бойсун тумани «Авлод» маҳалласи ҳудудидан коврак ўсимлигининг ширасини ноқонуний олинаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экологик ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармасининг матбуот хизмати хабар беради.
Шу куннинг ўзида мурожаат юзасидан вилоят Экология ва Миллий гвардия бошқармалари ҳамкорлигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаатда келтирилган жой ўрганилганида, рухсатномасиз 405 туп дона ковракнинг илдизи 3-4 маротаба кесилиб, шираси олинганлик ҳолати аниқланган.
«Фуқарога нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий жарима ва табиатга келтирилган зарар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда», – дейилади бошқарма хабарида.
Каврак шираси ўсимлик ҳаётининг саккизинчи йилидан бошлаб йиғилади. Апрель ойининг ўрталарида тоғларда ўсимлик топиб, асафетида теримчилари ўсимликларни қазиб, илдизни очиб, қуруқ баргларни олиб ташлашади ва илдизларнинг тепаларини тозалашади. Шундан сўнг, илдизлар яна юмшатилган тупроқ билан ва унинг устидан тош билан ёпилади. Шу билан ширани тўплаш ишларининг биринчи босқичи якунланади.
Тахминан бир ой ўтгач, май ойининг иккинчи ярмида, илдизлар яна очилади ва барглар билан бирлашган жой остидаги юқори қисми кесилади. Кесилган жойда шира пайдо бўлади, у ҳавода қўнғир рангга киради ва латексга айланади. Кесилган жойнинг усти қуёш нури ва чангдан пана қилинади. 2 кундан кейин латекс йиғилади ва янги кесимлар қилинади, кейинги сафар латекс 5 кундан кейин йиғилади. Учинчи марта бу ҳаракатлар 10 кундан кейин такрорланади ва шу тариқа шарбат оқиш тўхтагунча давом эттирилади. Ҳар бир ўсимликдан 900 г дан 1300 г гача янги латекс тўпланиши мумкин.
Шарҳлар