Тўрт нафар қозоғистонлик фаол 1 май куни ўтказиладиган норозилик акциялари олдидан ушланди

Фото: ia-centr.ru

Қозоғистон суди павлодарлик Емберген Курмановни 17 суткага маъмурий қамоққа олишга ҳукм қилди, дея хабар беради “Активисты — не экстремисты” (“Фаоллар экстремист эмас”) мониторинг гуруҳи. Фуқаро 1 майга режалаштирилган норозилик намойишлари олдидан махсус қамоқхонага юборилган тўртинчи мухолифатчи бўлди. Бу ҳақда “Медиазона” ёзади.

Емберген Курманов бир кун аввал, 29 апрель куни Павлодарда қўлга олинган эди. Фаол полиция ҳаракатидан норозилик сифатида очлик эълон қилаётганини етказишга муваффақ бўлди. 30 апрелга ўтар кечаси эркак тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузганликда айблангани маълум бўлди.

Бир кун аввал, 28 апрель куни полиция “Алға Қазақстан!” мухолифат партияси ташкилий қўмитасининг икки аъзоси Амангелди Жахин ва Марат Мусабаевни қўлга олганди. 24 апрель куни Адлия вазирлигининг Жамоатчилик қабулхонасига ташриф буюрган милиция ходимининг қонуний талабларига бўйсунмагани учун ушбу шахсларга нисбатан баённома тузилган.

Ўша куни “Алға Қазақстан!” ташкилий қўмитаси аъзолари партияни рўйхатга олиш учун яна бир бор ҳужжатларни тақдим этган. Шундан сўнг, полиция уларнинг қабулхонадан чиқишини талаб қилган, бироқ Жахин ва Мусабаев уларга ҳеч кимни безовта қилишмаётганини айтишган. 29 апрель куни Астана суди ушбу рад жавоби учун уларни 15 суткага ҳибсга олишга ҳукм қилди.

26 апрель куни Шарқий Қозоғистон областининг Улан туманидаа истиқомат қилувчи фаол Руслан Нурканов ҳам худди шу тарзда маъмурий ҳибсга олинган.

Емберген Курманов сингари Руслан Нурканов ҳам Маъмурий Кодекснинг “митинг” моддасини бузганликда айбланган. Баённомага мухолифатчи Мухтор Аблязовнинг Фейсбукдаги постининг репости сабаб бўлган, унда у фуқароларни митингларга чиқишга чақирган.

“Демократический выбор Казахстана” (“Қозоғистоннинг демократик танлови”) тақиқланган партиясининг етакчиси Мухтор Аблязов аввалроқ 2024 йил 1 май куни норозилик намойишлари ўтказилишини эълон қилган эди. У ҳокимиятдан сув тошқини учун етказилган зарарни 1 м2 учун 500 минг тенге миқдорида қоплашни, барча истеъмол кредитларини ҳисобдан чиқаришни, сиёсий маҳбусларни озод қилишни ва автоуловчилар учун қайта ишлаш йиғимини бекор қилишни талаб қилишни таклиф қилди.

Аввалроқ “Алға Қазақстан!” фаоллари 1 май митингларини шунга ўхшаш талаблар билан мувофиқлаштиришга ҳаракат қилганди: ўз партиясини рўйхатдан ўтказиш, тошқин қурбонларига товон пули сифатида 50 миллион тенге тўлаш ва сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраганларни озод қилиш. Норозилик намойишлари режалаштирилган барча 11 шаҳарда мухолифатчилар рад жавобини олди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.