Табиат ресурслари вазирлиги Қизил китобга киритилган сақоқушларнинг нобуд бўлиши ҳақидаги маълумот бўйича изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Тузкон кўлида бир гуруҳ сайёҳлар Ўзбекистон Қизил китобига, шунингжек бутун дунё Қизил китобига киритилган 15 га яқин сақоқушларнинг жасадини топгани ҳақида маълумот тарқалди.
Табиий ресурслар вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси биохилма-хиллик бошқармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти орнитологларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузиб, вазиятни жойида ўрганди.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида қишлаш учун ҳар йили юзлаб-минглаб пушти сақоқушлар учиб келади. Мутахассисларнинг аниқлашича, аномал совуқ ҳаво туфайли Айдар-Арнасой кўллар тизими, айниқса Тузкон кўлининг 103, 104, 105 контурлари қалинлиги 15 см дан 20 см гача бўлган муз билан қопланган.
Бу сақоқушлар қизилкўз ва бошқа кичик балиқлар билан озиқланади. Маълум бўлишича, сақоқушлар озиқ-овқат етишмаслиги туфайли нобуд бўлган. Бу ҳудудда юқумли касалликлар аниқланмаган. Аномал совуқ об-ҳаво давридаги бундай ҳолат 1969 йил ва 2000 йил бошида кузатилган.
“Муз қоплами 15-20 см бўлганлиги сабабли сақоқушлар тумшуғи билан музни ёра олмаган ва озуқасиз қолган. Жиззах вилояти инспекция ходимлари томонидан олиб борилган барча биотехник тадбирларга қарамай, уларнинг ўлимига совуқ сабабчи бўлган. Чунки бу қушлар фақат шу кўлларда учрайдиган балиқлар билан озиқланади”, — дейилади Табиий ресурслар вазирлигининг хабарида.
Шарҳлар