Тадқиқот: Ўзбекистонда сўровдан ўтказилган аёлларнинг 43% – уй зўравонлиги қурбони
Ўзбекистонда сўровдан ўтказилган аёлларнинг 43% оилада зўравонликка учраганини маълум қилган. Хусусан 18 ёшдан 57 ёшгача бўлган аёллар зўравонлик қурбонига айланган. Бу ҳақда “Олий иқтисодиёт мактаби” Миллий тадқиқотчилик университетининг талабаси Элина Рустамованинг тадқиқот ишида сўз боради.
Сўровда Ўзбекистондан 16 ёшдан 66 ёшгача бўлган 400 дан ортиқ аёл қатнашган. Респондентларнинг кўпчилиги – пойтахтда ва республиканинг йирик шаҳарларида истиқомат қилувчи олий маълумотли аёллардир. Сўров ўтказилган пайтга респондентларнинг 61% қонуний никоҳда бўлган, 23% – фуқаролик никоҳида яшаган, 15% – ажрашган, 1% эса – бева бўлган.
Социологик тадқиқот натижалари респондентларнинг аксарияти (83%) аёллар устидан зўравонлик муаммоси Ўзбекистонда кенг тарқалган деб ҳисоблайди. Бунда сўровдан ўтказилганларнинг 43% эри ёки бирга яшайдиган шериги томонидан зўравонликка учраганини тан олган. 18 ёшдан 57 ёшгача бўлган аёллар зўравонлик қурбонига айланган. Уларнинг кўпчилиги қонуний никоҳда ёки рўйхатга олинмаган муносабатларда туради, олий маълумотли ва ишлайди.
Аёлларнинг 30% дан ортиғи бирга яшайдиган шериги билан муносабатларда зўриқиш, хавотир ва ишончсизликни ҳис қилишини қайд этган. Респондентларнинг 40% дан ортиғи турмуш ўртоқлари ёки бирга яшайдиган шериклари уларнинг бирор жойга эркин бориш ҳуқуқини чеклар экан. Масалан, аёллар, туз-тез ота-онасиникига бора олмаслигидан шикоят қилган. Эрлар томонидан қўйиладиган энг кенг тарқалган чекловлар орасида ўзини-ўзи намоён этишга, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга, қарама-қарши жинс вакиллари билан мулоқот қилишга ва ёрқин либослар кийишга қўйилган тақиқларни кўрсатиш мумкин.
Шунингдек, тадқиқот давомида стереотиплар ва патриархал қарашларга учраган респондентларнинг кичикроқ фоизи ҳам аниқланди. Бундан қуйидаги саволга берилган жавоблар далолат бермоқда: “Нима деб ўйлайсиз, хотинини боқадиган эрда унинг устидан муайян ҳукмронликка эга бўлиш ҳуқуқи борми?”. Ушбу саволга аёлларнинг 2% “ҳа, бор” деган жавобни берган, 10% эса жавоб беришга қийналган.
Аёлларга нисбатан кўрсатилаётган зўравонликларнинг содир этилиш сони фарқ қилган: респондентларнинг 21% мунтазам равишда зўравонликка учрашини, 13% – шериклари ўзини фақат бир марта шундай тутганини қайд этган. Қолган респондентлар тажовузга камдан-кам ёки бир йилда бир неча марта учрашини айтган. Аёлларнинг кўпчилиги зўравонлик асосан калтаклаш, туртиш, шапалоқ уриш шаклида намоён бўлиб, буларнинг ҳаммаси ҳақоратлар, камситишлар, баъзида эса ўқиш ёки ишлашга тўсқинлик қилиш билан кечган. Бундан ташқари, респондентлар анкетада жинсий зўравонликни ҳам қайд этган.
Аёллар ўзларини зўравонликдан ҳимоя қилишга уринганми, деган саволга респондентларнинг 44% бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этмаганини маълум қилган. Зўравонлик қурбонларининг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари муаммони ҳал қилишга ёрдам беролмайди. Бундан ташқари, аёллар эри қасос олишидан, қариндошлари ёки жамият қоралашидан кўрқиб, уйдаги гапни кўчага олиб чиқишни истамаган. Зўравонлик қурбонларининг айримлари: “милиция бундай ишлар билан шуғулланишни истамайди, эрим эса “200 доллар бераман ва яна озодликдаман” деган гапни айтади” ёки “милиция эрим билан суҳбат ўтказди ва ҳеч қандай чора кўрмади. Бир соатдан кейин эрим уйда эди”, деган фактларни келтирган.
Ҳуқуқни муҳоқаза қилиш органларига ёрдам сўраб мурожаат қилган респондентларга тўхталадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги ушбу идора фаолиятидан қониқмаганини қайд этади.
Сўровда қатнашганларнинг 52% республикада уй зўравонлиги қурбонларига вақтинчалик бошпана, юридик ва психологик ёрдам берадиган ихтисослашган кризис марказлари мавжудлиги ҳақида билмаслиги аниқланди.
Тадқиқот давомида респондентларнинг 85% яқин танишлари ёки атрофидаги аёлларнинг эри/шериги томонидан зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳам гапирган. Респондентларнинг кўпчилиги жиноят кодексида оиладаги зўравонлик тўғрисида махсус модданинг йўқлиги жабрланганларнинг самарали ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан, респондентларнинг 93% уйдаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарур деб ҳисоблайди.
Шарҳлар