Термиздаги логистика марказига Афғонистон учун инсонпарварлик ёрдами ортилган учта самолёт юборилади
Яқин кунларда БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича бошқармаси (ҚИБ) Термиз шаҳрига инсонпарварлик ёрдами ортилган учта самолётни жўнатишни режалаштирмоқда. Ушбу ёрдам юки Ҳайратон чегара ўтиш пункти орқали юк машиналарида Мозори Шарифга етказилади. Биринчи самолёт Термизга октябрь ойининг ўртасида етиб келади. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар беради.
Ҳозир Қобулда бўлган БМТ ҚИБ вакили Бабар Балох Бошқарма юз минглаб ички мигрантларга фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун Афғонистон билан чегарадош мамлакатларда логистика марказларини яратиш устида ишлаётганини маълум қилди.
«Тунлари совуқ, бошпанасиз қолган одамларга тезкор ёрдам зарур», – дея қайд этади Балох. Унинг сўзларига кўра, ёрдамга муҳтож афғон фуқароларининг сони 20 млн кишига етган ва бу миқдор ҳар куни ошишда давом этмоқда.
БМТ бугунги кунда афғон оилаларининг бор-йўғи беш фоизи нормал озуқа билан таъминлангани ҳақида огоҳлантиради. Беш ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмаяпти, ёрдамсиз уларнинг силласи қуриши шубҳасиз, ёрдамни етказиш вақти эса ўтиб кетяпти.
Қайд этиб ўтамиз, сентябрь ойида Термизда Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатувчи логистика маркази ташкил қилингани ҳақида хабар берилганди.
Шарҳлар