Толали экинлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш таклифи берилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

10 май куни  Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатда 3 миллион гектар яйлов ва экин ерлари деградацияга учраган, 2 миллион гектарга яқини турли даражада шўрланган. Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб, минтақада сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда.

Бунинг чораларини ҳозирдан кўриш мақсадида қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат дастур ишлаб чиқилган. Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 миллион доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилиш назарда тутилган.

“Унга кўра Оролбўйида 1 миллион гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, иқлим ўзгаришини таҳлил ва башорат қилиш бўйича марказ тузилиб, 5 та вилоятда агрометеорология станциялари ўрнатилади ва Италия билан ҳамкорликда Интенсив уруғчилик ва кўчатчилик халқаро маркази, шўрга ва сувсизликка чидамли экинлар бўйича уруғчилик хўжалиги ташкил этилади.

Давлат раҳбари ҳар доим соҳани илмий ривожлантириш талабини қўяди. Шу мақсадда Толали экинлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш таклифи билдирилган.

Институтда янги йўналишдаги толали экинлар бўйича тадқиқот ишлари йўлга қўйилади. Тармоқда илмий натижаларга асосланган янги технологиялар, асбоб-ускуналар жорий этилади. Фан ва ишлаб чиқариш самарали боғланиб, пахта-тўқимачилик корхоналари рентабеллиги ортади. Пахта, каноп ва зиғир ҳомашёларидан олинадиган маҳсулотларнинг халқаро стандарт талабларига мослиги таъминланади.

Президент бу таклифларни такомиллаштириб, манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.