“Тошкент” аэропортида капсулали меҳмонхона ташкил қилинади
Шу йилнинг март ойи охирига қадар “Тошкент” аэропортининг стерил зонасидаги яна бир блок фойдаланишга топширилади, унда кичик меҳмонхона, ҳаммом, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари ҳамда Anjir бизнес зали ишга туширилади. Бу ҳақда Anhor.uz мухбири хабар беради.
Бу мутлақо янги қурилиш бўлиб, аэропорт мажмуасини яна 875 кв.м га кенгайтириш имкониятини беради, бу эса халқаро ва трансфер йўловчилари учун қулай шароитларни яратади.
Uzbekistan Airports 2023 йилда 20 та янги хорижий авиакомпанияни жалб қилишни режалаштирмоқда. Йўловчи ташиш ҳажми 9,29 миллион йўловчига кўтарилиши кутилмоқда (2022 йилда ўсиш 18 фоиз). Бундай кўрсаткичлар янги резидент авиакомпаниялар (Panorama Airways, Centrum Air, Air Samarkand, Sayohat Air, Semurg, Silk Avia) ташкил этилиши ва резидент авиакомпаниялар паркини 34 та самолётга кўпайтириш асосида кутилмоқда.
2022 йилда Ўзбекистон аэропортларига 28 та янги авиакомпания жалб қилинди, йўналишлар тармоғи 73 та йўналишга кенгайтирилди. 2022 йилда парвозлар қуйидагича тақсимланди: 47% – МДҲ мамлакатларига / дан рейслар, 31% – Яқин Шарқ мамлакатлари, 15% – Осиё мамлакатлари ва 7% – Европа мамлакатлари.
Тошкент аэропортида умумий майдони 935 кв.м бўлган авиация хавфсизлигини текшириш зонаси қурилди. Тўққизта скрининг йўлаклари тиғиз пайтда 2400 нафаргача йўловчига ўтиш имконини беради. Ёнувчи ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш учун сканерлар ўрнатилган. Бу пойабзални ечиш ва суюқлик солинган идишларни очиш заруратини истисно қилади.
Бодисканер ProVision2. Манба: Anhor.uz
Суюқлик солинган идишни сканер қилувчи қурилма. Фотосурат: Anhor.uz
CEIA пойабзал сканери. Фотосурат: Anhor.uz
Шунингдек, зал қўл юки ва катта ўлчамдаги юкларни кўриш учун Smiths Detection рентген-телевизор ускунаси (Германия) билан жиҳозланган. Кенгайтирилган хавфсизлик чораларини таъминлаш учун Leidos (АҚШ) компаниясининг ProVision2 бодисканерлари ўрнатилди, улар йўловчиларни тез ва контактсиз текшириш имконини беради.
Шарҳлар