2023 йил 1 апрелдан республика ҳудудларида “Қуёшли уй” дастурини амалга ошириш бошланади

Источник: unsplash.com

Президент “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2023 йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилади. Жумладан:

2 100 МВт – йирик қуёш ва шамол электр станциялари;

1 200 МВт – ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари;

550 МВт – тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станциялари.

Шунингдек, 2023 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 27 та йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари қурилади; 20 мингта ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилади; жами 11 минг нафар тадбиркорнинг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатилади ҳамда кичик фотоэлектр станциялари қурилади; 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилади;

Бундан ташқари:

фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйлар қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминланади;

ҳудудларда 103 та кичик ва микро гидроэлектрстанциялар барпо этилади;

5 407 та ижтимоий соҳа объектлари кўмир билан иситилади;

2023 йил 1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади. Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Қарорга кўра шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Яшил энергия” компанияси ташкил этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.