Bo'limsiz

Тошкент Ипакчилик ИТИ ҳудудидаги дарахтлар кесилмайди

Фото: t.me/r_kusherbayev

Тошкентдаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Андижонга кўчирилмоқда. У 19 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди (бир пайтлар эса – 100 гектар). Маҳаллий аҳоли бу ерда ўсаётган 18 мингга яқин дарахт тақдиридан хавотирда. Улар Ўзбекистон расмийларидан бу ерни миллий боққа айлантиришни, шунингдек, институт биноларидан бирини болалар муассасасига, масалан, мактабга беришни, шунда болалар йўлни кесиб ўтмаслигини сўрамоқда, деб ёзади «Газета» нашри.

Нашр репортажидан сўнг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев UzReport TV телеканалига берган интервьюсида институт ҳудудидаги бирорта дарахтга зарар етказилмаслигини айтди.

“Биз дарахтларни кесиш ва кўчиришга мутлақо қаршимиз, – деди у. – Бизнинг позициямиз шундан иборатки, бу ерда қандай лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлса, у дарахтларни асраш билан амалга оширилади”.

Унинг сўзларига кўра, институт ҳудудидаги дарахтларни ҳисобга олиш бўйича гуруҳ тузилиб, бу ерда ўсаётган барча дарахтларни инвентаризация қилади.

“Бирорта ҳам дарахт кесилмайди. Буни алоҳида назоратга оламиз… Биз аҳолининг таклифларини қўллаб-қувватлаймиз”, — деди собиқ депутат.

“Аҳоли билан биргаликда ваколатли органларга ҳам таклифимизни киритамиз. Ҳозирча ҳокимликнинг бу борадаги позициясини билмаймиз, лекин бизнинг позициямиз табиатни асраб-авайлаш ва буни “Яшил Макон” лойиҳасининг (Ўзбекистонни ободонлаштириш – таҳр.) давоми деб билиш. Энг муҳими, аҳоли бу масалага бефарқ эмаслиги бизни жуда қувонтиради”, – дейди Расул Кушербаев.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.