Тошкент шаҳар ИИББ мусиқа мактабининг деразасидан мушукни ташлаб юборган ўсмирнинг шахсини аниқлади

Источник: ГУВД Ташкента

Ижтимоий тармоқларда ёш йигит Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Р.Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг 3-қавати деразасидан мушукни улоқтиргани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарнинг шахси аниқлангани ҳақида билдирди.

Бу 17 ёшли Х.О., яъни шу мактабнинг ўқувчиси бўлиб чиқди.

«Ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс томонидан содир этилганлиги сабабли, 2022 йил 28 май куни унинг отаси, 46 ёшли У.Э. таълим муассасасига чақиртирилди. Унга фарзандининг тарбияси бўйича масъул эканлиги тушунтирилди ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан жаримага тортилди. Ота ва ўғил билан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга йўл қўйиб бўлмаслиги, бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлиги тушунтирилиб, профилактик суҳбат ўтказилди», – дейилади хабарда.

Вояга етмаган шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги маълумотлар туман ҳокимияти ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлимга юборилди.

Шунингдек, Олмазор тумани 4-сонли ИИБ ходимлари томонидан ушбу видеороликни уяли телефонда суратга олган ва интернетга жойлантирган шахс 16 ёшли Ш.A. эканлиги, муқаддам шу мактабда ўқиганлиги аниқланди. Воқеа юзасидан ўсмир билан ота-онаси иштирокида суҳбат ўтказилди.

Ушбу ҳолат бўйича терговгача текшириш ишлари давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.