Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг собиқ раҳбарлари шартномаларни тендерсиз тузгани маълум бўлди

Фото: rawpixel.com

Ўзбекистон Бош прокуратураси собиқ Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасида (ҳозирда маданият ва туризм бошқармаси) ўтказилган ўрганишда қонун талаблари бузиб келинганини аниқлади. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Хусусан, ўтган йили Маданият бош бошқармаси томонидан тендер танловлари ўтказилмасдан, фестиваль тадбирларини ўтказиш учун турли фирмалар билан 20 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартномалар тузилган.

Ушбу фестиваллар 2022 йилнинг май-сентябрь ойларида амалда ўтказиб бўлинган бўлса-да, қонун бузилишларни яшириш мақсадида etender.uzex.uz махсус ахборот порталига 24 октябрь ва 3 ноябрь кунлари пойтахтда 5 та фестивал тадбирларини ўтказиш ҳақида номигагина эълон ва ҳужжатлар жойлаштирилган ҳамда шартномалар тузилган, дейилади хабарда.

Ўтказилган фестиваллар доирасида ҳам амалда бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 8 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Текшириш натижасига кўра, Тошкент маданият бош бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.