Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл ҳаракатини рақамлаштириш билан шуғулланади
Чорраҳаларни рақамли бошқариш тизимини жорий этиш пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни ўтказилган йиғилиш давомида маълум қилди.
«Рақамлаштириш – йўл ҳаракатини бошқаришнинг энг тўғри ечими. Афсуски, на пойтахтда, на ҳудудларда рақамлаштириш борасида бирорта намуна қилиб кўрсатадиган жой йўқ. Борини ҳам эплаб ишлата олмаяпти», — деди давлат раҳбари.
Президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлигини, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини қайд этди.
Йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди.
«Соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ барча масалага шаҳар мутасаддилари жавоб беради ва сўров ҳам улардан бўлади. Ахборот технологиялари, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларида ушбу тизимни такрорловчи ёки ишига аралашадиган бўлинмалар бўлиши мумкин эмас», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимларининг йўл ҳаракатини рақамли бошқаришни жорий этиш бўйича “йўл хариталари” билан танишиб чиққанини билдирди.
«Уларда белгиланган тадбирлар фақат қоидабузарликнинг назорати билан чеклангани мени мутлақо қониқтирмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бир ой муддатда вилоят марказларида йўл ҳаракатини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги концепцияларини ишлаб чиқиш топширилди.
Шарҳлар