Тошкент вилоятидаги иккита газ тўлдириш компрессор шохобчасида 1,5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Энергетика вазирлиги штаби томонидан 17 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SHIRINA PETROL” МЧЖ ва Тошкент туманида жойлашган “CLEAN GAS SERVICE” МЧЖларга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказилган. Ўрганиш давомида фақат 2 та “тадбиркор”нинг ўзи томонидан 1 млн 635 минг куб метр ёки бугунги кунда 100 мингта аҳоли хонадонларининг бир кунлик истеъмолига етарли миқдордаги табиий газдан ноқонуий фойдаланилганлиги аниқланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Хусусан, текшириш давомида “SHIRINA PETROL” МЧЖ томонидан электрон газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш имкони бўлганлиги ва ўтказилган эксперемент давомида конфигурация созламаси технологик йўриқномалар талабига мос эмаслиги сабабли қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида 1 млрд 274 млн 700 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Шунингдек, “CLEAN GAS SERVICE” МЧЖ томонидан шартнома ҳужжатларидан ташқари 1 дона компрессор ускуна ортиқча ўрнатилганлиги сабабли амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб натижасида 360,5 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўтказилган текшириш ҳужжатлар қонун доирасида чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Шарҳлар