Давлат хизмати ҳақидаги янги қонун лойиҳасида президент, депутатлар, сенаторлар ва судьяларнинг даромадларини декларациялаш кўзда тутилмаган

Давлат хизмати ҳақидаги янги қонун лойиҳасида президент

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси пайдо бўлди, уни 6 июнга қадар муҳокама қилиш мумкин. Ушбу ҳужжатга мувофиқ давлат хизматчиларига ўз даромадларини ҳамда оила аъзоларининг даромадларини декларациялаш мажбурияти юкланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилади.
 
Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат эканлиги қайд этилади:
 
– давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
– давлат фуқаролик хизмати фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш  тизимини татбиқ қилиш;
– давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятидаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
– давлат фуқаролик хизматида хизмат интизом қоидаларини жорий қилиш;
– давлат фуқаролик хизматчиларининг манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя қилиш юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
– давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулклари ва катта миқдордаги харажатларини декларациялаш тизимини жорий қилиш;
– давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятида коррупциянинг олдини олиш тадбирларининг амалга оширилиши юзасидан мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
– давлат фуқаролик хизматчиларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
 
Бундан олдин Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг экспертлари даромадларни декларациялаш тизимини барча оммавий хизматчиларга, шу жумладан олий мансабдор шахсларга (президент, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, парламент депутатлари, ижрочи ҳокимият органларининг раҳбарларига), судьялар, прокурорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари, мустақил органлар ва регуляторлар (масалан, Марказий банк, Ҳисоб палатаси)нинг раҳбарлари ва ходимларига ҳамда давлат органлари ва муассасаларининг бошқа ходимларига ҳамда давлат компаниялари ва бошқа шунга ўхшаш субъектларнинг раҳбарларига  нисбатан татбиқ этишни тавсия қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.