Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасига “Янги Тошкент” шаҳри ҳам киритилади

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси билан танишди. Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси “Янги Тошкент” концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.

Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.

Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, “Park and ride” тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар мавжуд. Президентимиз илгари сурган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасидан келиб чиқиб, Бош режа лойиҳасида бунга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман, пойтахтда яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.

«Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратагеямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.