Туркия мамлакат фуқаролигини олаётган хорижлик террорчилар кўпайиб кетганидан хавотирда
Ижтимоий тармоқларнинг турк сегментида мухолифот Халқ-республика партиясининг Истанбул кенгаши депутати Ўзгур Карабат билан интервью эълон қилинди. Ўзгур Карабатнинг сўзларига кўра, уларнинг орасида Ўзбекистондан келиб, ноқонуний равишда кўчмас мулк сотиб олаётганлар ҳам кўп.
Халқ-республика партиясининг вакили Ўзгур Карабат Туркиянинг айрим шаҳарларида, шунингдек, Истанбулда хуфия йўллар билан кўчмас мулк сотиб олиб, мамлакатда яшаш учун рухсатнома олган хорижлик жангарилар ва радикаллар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам катта миқдорда оқиб келаётганини айтади. Хусусан, бундай вазият Истанбулнинг Эсенюрт ва Башакшехир туманида, шунингдек, Башакшехирнинг Қаясехер шаҳрида юзага келган.
Ўзгур Карабатнинг айтишича, сўнгги пайтларда Истанбулга кўплаб хорижликлар кўчиб келмоқда. Улар уйларни қиммат нархларда сотиб олиб, Туркия фуқаролигини ҳам олишмоқда. Башакшехирга молиявий аҳволи яхши хорижликлар келади. Эсенюртга эса ўрта синф вакиллари келмоқда. Уларнинг аксарияти Сурия, Афғонистон, Доғистон ва Ўзбекистондан миграция қилган.
“Улар бу ерда янги ҳаёт қуришмоқда. Улардан баъзилари турк тилини билади. Биринчидан, бизда уларнинг ўтмиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, улар ҳарбий ҳаракатларда қатнашганми-йўқми билмаймиз? Иккинчидан, улар бу уйларни қайси пулга сотиб олишяпти, уларни қаерда ишлаб топишган? Биз билмаймиз. Марказий банк ҳисоботига кўра, 24 миллиард маблағнинг манбалари номаълум”, — дейди у.
Депутат, шунингдек, муҳожирлар уй сотиб олаётганда нотариусга 400 минг эмас, 100 минг доллар нархни кўрсатиши, қўшнилари эса йилда 3-4 ойга қаергадир кетиб, кейин қайтиб келиб, яна бошқа давлатларга кетиб қолишларини айтишаётганини қўшимча қилди.
“Ҳозир бу ерда 364 нафар ўзбекистонлик истиқомат қилади. Улар фуқароликка қабул қилинган ва овоз бериш ҳуқуқига эга. Ўзбекистондан келган фуқаролар кўп, улар ўз ҳукуматига мухолиф томонда. Улар паспортларни тўплаб, бир-бирларига фуқароликни олишга ёрдам беради. Уларни текшириш кера, аммо текширадиган одам йўқ”, – едя қайд этади Карабат.
Ўзгур Карабатнинг сўзларига кўра, Башакшехирда 12 100 дан ортиқ фуқароликка қабул қилинган ва овоз бериш ҳуқуқига эга хорижликлар бор, улардан 4344 нафари суриялик, 1 060 нафари ироқлик, 455 нафари ливиялик, 443 нафари эронлик, 344 нафари афғонистонлик овоз бериш ҳуқуқига эга хорижликлардир. Шу билан бирга, уларнинг 4517 нафари 2019 йилги сайловдан кейин фуқароликка эга бўлган.
“Уларнинг орасида Ўзбекистон ҳукуматига қарши чиққанлар ҳам бор. Радикаллар ва террорчилар ҳам бор”, – дея таъкидлайди у.
Шунингдек, депутат пул эвазига ишлаб, кейин Туркиядаги сайловларда қатнашадиган жангарилар ҳам борлигини тасдиқлади. Туркия ҳукумати террорчиларнинг фуқаролик ва ҳатто овоз бериш ҳуқуқини оддий йўл билан олишига кўз юмаётгани йўқ, лекин имкон қадар кўпроқ сайловчиларга эга бўлиш учун хорижликларнинг бу ҳуқуқини чекламаяпти. Унинг қўшимча қилишича, бундай амалиёт Европа мамлакатларида ҳам мавжуд, бироқ улар даромад манбаларини батафсил ўрганади, шу боис Туркия ҳам шундай текшириш тизимини яратиши ва фуқароликни олишни мураккаблаштириши керак.
Шарҳлар