АҚШ уйғурларга алоқадор тақиқланган деталлар туфайли минглаб Porsche ва Bentley автомобилларини мусодара қилди

Foto: “TASS”

АҚШ ҳукумати Хитойнинг асосан уйғурлар яшайдиган ғарбий қисмида тайёрланган деталь туфайли, минглаб Porsche, Bentley ва Audi автомобилларини мусодара қилди, деб хабар беради Financial Times манбаларига таяниб. Ушбу деталь уйғур миллати вакилларининг мажбурий меҳнатга жалб этилиши олдини олиш тўғрисидаги қонун туфайли тақиқланган.

Porsche, Bentley ва Audi’ни етказиб берувчи Volkswagen гуруҳи автомобилларда тақиқланган деталь борлигини аниқлаган, шундан сўнг АҚШ портларида барча автомобиллар мусодара қилинган. Нашр манбаларига кўра, дастлаб Volkswagen воситачи орқали етказиб берилган деталнинг қаердан келгани ҳақида билмаган. Гап айнан қандай қисм ҳақида бораётганига аниқлик киритилмади.

Нашр маълумотлари бўйича, мингдан ортиқ Porsche спорт ва йўлтанламас автомобиллари, бир неча юзлаб Bentley ва бир неча мингта Audi автомобиллари мусодара этилган. Volkswagen вакили газетага маълум қилишича, агар суриштирув якунларига кўра жиддий қонунбузарликлар аниқланса, гуруҳ етказиб берувчилар билан алоқаларни тўхтатиши мумкин.

2021 йилда қабул қилинган, уйғурларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши олдини олиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, АҚШга Хитойнинг Шинжон ва бошқа ҳудудларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиб ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олиб кириш тақиқланган.

Уйғурлар Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида яшайди, уларнинг кўпчилиги мусулмон. Хитой ҳукумати Шинжонда халқаро террорчилар ташкилотига алоқадор айирмачилар гуруҳлари фаолият олиб боради, деб даъво қилади. Ҳудудда, шунингдек, махсус уйғурларни “қайта тарбиялаш лагерлари” иш юритган. БМТ маълумотларига кўра, 2018 йилда ушбу лагерларда 1 миллионга яқин, 2019 йилда эса 3 миллион нафар уйғурлар сақланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.