Учта вокзал давлат-хусусий шериклиги асосида ривожлантирилади

Фото: https://www.advantour.com/

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари доирасида учта темир йўл вокзалини ривожлантириш таклиф қилинмоқда. Бу президентнинг 10 октябрдаги темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қарорида назарда тутилган, деб ёзади «Газета.uz» нашри Адлия вазирлигига таянган ҳолда.

Сўз Тошкент, Самарқанд ва Қўқон вокзаллари ҳақида бормоқда. Транспорт вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда станцияларни ДХШ асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Транспорт вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Навоий кон-металлургия комбинати билан биргаликда «Навоий-Учқудуқ» темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳалари самарадорлигини ҳам ўрганади.

Бундан ташқари, «Тошкент-Ангрен» участкасида иккинчи электрлаштирилган линияни қуриш, мавжуд участкани модернизация қилиш, шунингдек, ушбу йўналишда жойлашган саноат корхоналари юкларини экспорт қилишда логистика хизматлари кўрсатиш учун терминал ва Тошкент вилояти Оҳангарон туманида мультимодал транспорт логистика марказини яратиш бўйича лойиҳани ўрганиш топширилди.

НКМК, ОКМК, «Ўзметкомбинат», «Ўзкимсаноат» ва бошқа экспорт қилувчи корхоналар томонидан темир йўл хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш учун транспорт логистика компаниялари ташкил этилади.

Агар ушбу вазирликлар лойиҳаларни самарали деб ҳисобласа, ҳукуматга таклифлар киритиши керак бўлади.

Президент, шунингдек, уч ой муддатда тегишли инфратузилмани яратган ҳолда шаҳар ичида жойлашган станциларни Тошкентдан ташқарига кўчириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишни ҳам топширди.

Бўшайдиган ер участкалари онлайн аукционда сотилади. Сотишдан тушган маблағлар темир йўл тармоғи инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда республика бюджетига тенг улушларда йўналтирилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.