“Ҳудудгазтаъминот” компанияси газ танқислиги кузатилмаётганини билдирди
Ўзбекистонда истеъмолчиларга табиий газ тўлиқ етказиб бериляпти, етишмовчиликлар йўқ, дея хабар беради «Ҳудудгазтаъминот» компанияси.
Ҳароратнинг кескин пасайиши муносабати билан мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газ истеъмолининг ортиши кузатилмоқда. Истеъмолчилар ўртасида ёнилғини тенг тақсимлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» мутахассислари 24 соатлик режимда иш олиб бормоқда ва юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқда, дейилади хабарда.
Айни пайтда муаммоли ҳудудларда газ таъминотини яхшилаш масалалари ҳал этилган, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, компания фуқаролардан газ истеъмол қилувчи қурилмаларни фақат зарурат бўлгандагина ишга туширишни ва узлуксиз газ таъминоти учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни сўрамоқда.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизими мутахассислари барча таклиф, шикоят ва мурожаатларни 104 телефон рақами орқали, газ сизиб чиқиши, авария ва бошқа техник носозликларни бартараф этиш бўйича мурожаатларни 104 рақами орқали қабул қилади.
Шарҳлар